Фаолларнинг иддао қилишича, партиянинг вилоят бўлими раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов турли баҳоналар билан ўттиз кишининг имзоси йиғилган рўйхатдан арзимаган хатолар топиб, қайтадан имзолатиб келишга ва керагидан кўп имзо йиғишга мажбурламоқда.

Иқтидордаги партия тадбирларида қатнашган талабалар эса, уларни ҳар куни оч қолдириб, байроқ кўтариб туришга мажбурлашганини иддао қилмоқда.

O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов имзо йиғишда камчиликлар борлигини тан олар экан, талабларнинг тадбирларда оч қолдирилганини инкор қилди.

O’zLiDeP Фарғона вилояти бўлими фаолларидан Озодликка юборилган шикоятда раис ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов имзо йиғувчиларни “қийнаб ташлагани” ҳақида сўз боради:

“Раис ўринбосаримиз президентликка номзодни қўллаб-қувватлаш учун йиғилаётган имзоларни тўплашда имзо йиғувчиларни қийнаб ташлади. Имзо бланкасини тўлдиришда бир хил ручкадан фойдаланиш, шахсий маълумотларни ўзи шахсан тўлдириши каби талаблари билан тўлдирилган бланкаларни ортга қайтаряпти. Мисол учун, бирон бир оилада бир киши учун бир одам тўлдириб берган бўлса ёки қора рангдаги ручка ишлатилган бўлса, 30 нафар одам имзо қўйган бланка йўққа чиқяпти. Бошқа одам тўлдиргани билан имзони ўзи қўйяпти-ку?" Имзо тўплаш азобга айланди”.

Исми сир қолишини сўраган партиянинг бошқа бир фаоли ҳам ортиқча талаблардан имзо йиғувчилар қийналаётганини айтади:

“O’zLiDeP Фарғона вилояти бўлими 30 мингта имзо йиғиб бериши керак. Шунча имзо йиғилиб бўлинди. Лекин раис ўринбосаримиз ўзини Тошкентга яхши кўрсатиш учун яна мингта имзо йиғишни буюрган. Аввалги йиғилган имзолардан ҳам хато топиб, қайтадан имзо йиғиб келишни буюрмоқда. Мисол, битта ўттиз кишилик рўйхатда 29тасини тўғри тўлдириб келдингиз-да, ўттизинчиси ёзаётганда ниманидир хато қилиб қўйди. Масалан, отасининг исми ёзилмай қолган. Шу битта хато учун яна уйма-уй, ташкилотма-ташкилот юриб, ўша 29 кишига қайтадан ёздириб, имзо қўйдириб келиш керак. Бу жуда ортиқча иш бўляпти бизга”.

Ўзбекистонда кутилганидек, иқтидордаги Либерал-демократик партия мамлакатнинг амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини яна бир муддатга президентликка илгари сурди.

Бу ҳақдаги қарор партия Cиёсий кенгашининг 7 август кунги мажлисида қабул қилинди.

31 август куни Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб очилган "Янги Ўзбекистон" боғидаги расмий тантанада қилган нутқида Мирзиёев "Бўлғуси Президент сайлови юксак демократик мезонлар асосида ўтиши"ни айтди.

Аммо сайловлар ўтган йилларда бўлгани каби ҳақиқий сиёсий рақобатсиз ўтиши кутилмоқда. Ҳукумат мухолифат фаолларининг мустақил сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш ва сайловда қатнашиш ҳаракатларига тўсқинлик қилган. Фаоллар сайлов арафасида ўзларига нисбатан босимларнинг кучайганини айтишмоқда.

Источник: www.centralasian.org